АҚШ Федерал алоқа комиссияси (FCC) SpaceX`га T-Mobile оператори билан ҳамкорликда смартфонлар учун сунъий йўлдош интернет хизматини ишга туширишга рухсат берди. Бу ҳақда TechCrunch хабар берди.
Илон Маск компанияси томонидан ишлаб чиқилган янги технология «космосдан қўшимча қоплама» деб номланди ва у ердаги алоқа операторларининг имкониятларини кенгайтирувчи сунъий йўлдош интернет хизматидир. SpaceX ва T-Mobile бундай лойиҳани ишга туширишни илк бор 2022 йилда эълон қилган эди.
Фавқулодда хабарларни узатиш технологиясидан фойдаланишга вақтинчалик рухсатнома 2023 йил кузида «Элен» ва «Милтон» довулларидан сўнг берилган эди. Ўшанда сунъий йўлдош интернети ёрдамида юз минглаб хабарлар жўнатилди. Энди FCC технологиядан тижорат мақсадларида фойдаланишга тўлиқ рухсат берди.
Мутахассислар буни Starlink учун муҳим қадам деб ҳисоблашмоқда, чунки SpaceX АҚШ бозорига ўз рақобатчиларидан олдин кириш имкониятига эга бўлади. Масалан, Lynk компанияси ҳам смартфонлар билан тўғридан-тўғри сунъий йўлдош алоқаси технологияларини ишлаб чиқмоқда, аммо ҳозирча мамлакатда тижорат ҳамкорлари йўқ.
Таъкидлаш жоизки, АҚШда сунъий йўлдошли уяли алоқа фақат мавжуд ер усти операторлари инфратузилмасига қўшимча сифатида ишлаши мумкин. 2024 йил баҳорида Starlink сунъий йўлдош интернети орқали видео қўнғироқни муваффақиятли синовдан ўтказиб, технология истиқболларини намойиш этди.
FCCнинг таъкидлашича, сунъий йўлдош алоқасига кириш, айниқса ерусти тармоқлари ишламаслиги мумкин бўлган фавқулодда вазиятларда муҳимдир.
«Ушбу технология янги имкониятларни очади, жумладан, олис ҳудудларда шошилинч ёрдам хизматларидан фойдаланиш имконини беради», — дея таъкидланди комиссия баёнотида.