Ўзбекистон тунги иқтисодиётни ривожлантириш йўлида

O‘zbekiston

Стратегик ислоҳотлар агентлиги Ўзбекистонда тунги иқтисодиётни ривожлантириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди, Буюк Британия, Таиланд, АҚШ, БАА ва Австралия тажрибаси ўрганилди. Жамоат транспортини туну кун ишлашга ўтказиш ва тунги тадбирлар учун инфратузилмани модернизация қилиш таклифи билдирилди.

Фото: Стратегик ислоҳотлар агентлиги

Стратегик ислоҳотлар агентлиги Ўзбекистонда тунги иқтисодиётни ривожлантириш бўйича қатор ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, тунги иқтисодиёт ва туризм бўйича ишчи гуруҳ тузиш, кўнгилочар масканларнинг жума ва шанба кунлари кеча-кундуз ишлашини йўлга қўйиш, тунги тадбирлар учун туристик-жозибадор ҳудудларни белгилаш, тунги масканлар ва жамоат транспорти йўналишлари ҳақида маълумот берувчи электрон платформа яратиш шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, жамоат транспортини туну кун ишлашга ўтказиш ва тунги тадбирлар учун инфратузилмани модернизация қилиш, жумладан, кўча ёритилишини яхшилаш, аҳоли ва сайёҳлар учун қўшимча қулайликлар яратиш таклиф этилмоқда.

Ушбу ташаббусларни амалга ошириш учун Ўзбекистон президентининг тунги иқтисодиётни ривожлантириш тўғрисидаги Фармони лойиҳасини ишлаб чиқиш ва соҳада лицензиялаш тизимини ислоҳ қилиш бўйича қонун лойиҳасини тайёрлаш режалаштирилган. Ушбу чора-тадбирлар мамлакат иқтисодиётини мустаҳкамлаш ва Тошкентни сайёҳлар учун янада жозибадор қилиш, бизнес ва аҳоли учун янги имкониятларни таъминлашга ёрдам беради.

Шунингдек, агентлик бешта давлат — Буюк Британия, Таиланд, АҚШ, БАА ва Австралияда тунги иқтисодиёт бўйича тадқиқот ўтказди ва Ўзбекистонда ушбу соҳани ривожлантириш учун мумкин бўлган йўлларни таҳлил қилди. Лондон, Бангкок, Ню-Ёрк, Дубай ва Сидней каби тунги бозорлари ривожланган шаҳарларда тунги иқтисодиёт иш ўринлари яратиш ва сайёҳларни жалб қилиш орқали иқтисодий ўсишга ёрдам беради.

Ушбу шаҳарларда тунги тадбирлар учун махсус зоналар ташкил этилиб, кўнгилочар масканларнинг тун-у кун ишлаши учун лицензиялар бериш, «тунги ҳоким» лавозимини жорий этиш, кучайтирилган полиция патруллари ва тун-у кун жамоат транспорти йўналишлари ёрдамида хавфсизликни яхшилаш, шунингдек, тун-у кун ишлайдиган бизнесни молиявий қўллаб-қувватлаш каби ислоҳотлар амалга оширилди.

Ўзбекистонда ҳам тунги иқтисодиётни ривожлантириш бўйича қадамлар ташланмоқда. Тошкентда кеча-ю кундуз ишлайдиган иккита гастрономик кўча фаолият кўрсатмоқда, яна саккизта шундай зонани ташкил этиш режалаштирилган. Вилоят ҳокимларига савдо-кўнгилочар масканлар фаолияти тунги вақтда амалга ошириладиган ҳудудларни белгилаш ваколати берилди.

Бироқ Ўзбекистон пойтахтида тунги иқтисодиётни янада самарали ривожлантириш учун қўшимча чоралар кўриш талаб этилади. Хусусан, Тошкент шаҳрида кеча-ю кундуз жамоат транспорти йўлга қўйилмагани тунги таксиларга юқори талабни юзага келтирмоқда. Шунингдек, галереялар, музейлар, кинотеатрлар, спорт ва фитнес клублари каби маданият ва спорт муассасаларининг туну кун ишлаши учун салоҳият мавжуд. Тунги муассасалар ва транспорт йўналишлари ҳақида маълумот берувчи электрон платформа ҳам етишмаяпти.

Mavzuga oid materiallar