ОАВ: Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов истеъфога чиқади

O‘zbekiston

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов соғлиғининг ҳолатига кўра ўз лавозимини тарк этиши мумкин. Турдимов ўрнига Ҳисоб палатаси раиси этиб Адиз Бобоев тайинланиши кутилмоқда.

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов соғлиғининг ҳолатига кўра ўз лавозимини тарк этиши мумкин. Бу ҳақда «Generalissimus» Telegram канали хабар берди.

Самарқанд вилояти ҳокимлиги матбуот котиби Турдимов Манучеҳр Мирзаевнинг «Взгляд.uz»га маълум қилишича, бугун вилоят ҳокимлигида навбатдаги йиғилиш бўлиб ўтмоқда.

«Кечадан бери миш-мишлар тарқалмоқда, лекин мен тасдиқлаган маълумотга эга эмасман. Фақат шуни айтишим мумкинки, айни пайтда вилоят раҳбари ўз кабинетида», — деди маъмурият матбуот котиби.

Шу билан бирга, Daryo.uz ҳукуматдаги манбасига таяниб, яқин вақт ичида вилоят раҳбари лавозимини тарк этишини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, Эркинжон Турдимов 2018 йилда Самарқанд вилояти ҳокими этиб тайинланган эди. 2024 йил 5 ноябрда у ҳоким лавозимига қайта тасдиқланди.

Эркинжон Турдимов 55 ёшда. У 1969 йилда Самарқанд вилоятида туғилган. 1991-1995 йилларда «Ўзсаноатқурилишбанк»нинг ҳудудий бўлимларини бошқарган, 1996 йилгача Зарафшон ҳокими ўринбосари лавозимида ишлаган. 1996-2000 йилларда Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг Навоий филиалида менежер бўлиб ишлаган. 2000-2008 йилларда Хатирчи тумани ҳокими бўлган. 2008-2016 йилларда Навоий вилояти ҳокими лавозимида ишлаган.

Турдимов 2006 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени, 2024 йил 24 августда эса «Фидокорона хизматлари учун» ордени билан тақдирланган.

Mavzuga oid materiallar