Беш кишининг жасадини ўлдириб, ёқиб юборган эркак умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди

O‘zbekiston

Янгийўлда беш кишини, жумладан уч болани ўлдириб, кейин уларнинг жасадларини уйи билан бирга ёқиб юборган фуқарога нисбатан суд ҳукми чиқарилди. Қотил умрининг охиригача панжарада қолади.

Янгийўлда беш кишини ўлдириб, жасадларини ёқиб юборган эркак умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов хабар берди.

Қотил Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш), 118-моддаси (Номусга тегиш), 134-моддаси (Қабрга нисбатан таҳқирлаш), 164-моддаси (Босқинчилик) ва 173-моддаси (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш) бўйича айбдор деб топилди.

Эслатиб ўтамиз, 26 июль куни соат 6:19 да Янгийўл тумани Нурафшон кўчасида жойлашган хусусий уйда ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар келиб тушган эди. Ҳодиса жойига ёнғин-қутқарув хизмати ходимлари етиб келиб, дарҳол ёнғинни бартараф этишган. Бироқ уй текширилганда беш кишининг зўравонлик билан ўлдирилгани аломатлари бўлган жасадлари топилган.

Ҳалок бўлганлар орасида 1991 йилда туғилган эркак, 1999 йилда туғилган аёл, уларнинг икки фарзанди (2021 ва 2022 йилларда туғилган), шунингдек, 2018 йилда туғилган жиян қиз бор эди.

Ҳодиса юзасидан Янгийўл тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси ("Қасддан одам ўлдириш") бўйича жиноят иши қўзғатилди. Тез орада марҳумнинг қариндоши бўлган гумонланувчи процессуал тартибда қўлга олинди. Дастлабки маълумотларга кўра, жиноятнинг сабаби айбланувчи ва жабрланувчи ўртасидаги қарз муносабатлари бўлган.

Жорий йилнинг 15 ноябрь куни Тошкент вилояти судида мазкур иш бўйича суд муҳокамаси бошланди. Айбланувчи, 1995 йилда Наманган вилоятида туғилган фуқаро З.С. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси («Қасддан одам ўлдириш»), 118-моддаси («Номусга тегиш»), 134-моддаси («Қабрни таҳқирлаш»), 164-моддаси («Босқинчилик») ва 173-моддаси («Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш») каби бир қатор оғир жиноятларда айбланмоқда.

Суд мажлиси Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси талабларига мувофиқ ёпиқ тартибда ўтказилмоқда. Жараён бориши бўйича қўшимча маълумотлар суд муҳокамаси якунлангандан сўнг тақдим этилади.

Mavzuga oid materiallar