Ҳуқуқ ҳимоячиси Абдураҳмон Ташанов Damas автомашинасида оёқлари билан кишанланган болакайни кўриш мумкин бўлган видеони эълон қилди. Кадрларда бармоқлар орасидаги тирналган ва юзидаги шилинган жойлар ҳам кўрсатилган.

Ҳуқуқ ҳимоячисига кўра, видео Боғишамол массивидаги Озод Шарқ кўчасида олинган.

«Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи собиқ ходими томонидан банди қилинган болакай ҳозирда Самарқанд шаҳар ИИБ 4-бўлимида, тақдирини билмаймиз. Аммо болани банди қилган, уни қийнаган одам уйида бемалол ўтирибди», — деб ёзади у.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Бош прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 138-моддаси (Зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда ички ишлар органлари томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов жараёни назоратга олинган.