Президент инвестиция вазири ўринбосари ва Техник тартибга солиш агентлиги раҳбарини ишдан олди

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида экспорт, инвестиция ва маҳаллий саноатда 2024 йилда турган вазифалар бўйича йиғилиш бўлиб ўтди.

Президент инвестиция вазири ўринбосари ва Техник тартибга солиш агентлиги раҳбарини ишдан олди

Давлат раҳбари тизимдаги муаммоларни санаб ўтди.

Комплекс раҳбарияти сўнгги олти йилда четдан қарийб 50 млрд доллар инвестиция киргани ҳақида маълумот бераётгани, лекин ушбу инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотга, қўшилган қийматга, экспортга таъсири қандай бўлгани бўйича таҳлиллар етарли эмаслиги қайд этилди.

Масалан, ўтган йили ялпи ички маҳсулот ҳам, саноат ҳам 6 фоизга ўсди. Бироқ товарлар экспортида кутилганидек ўсиш бўлмагани айтилди. Ҳудудларда эса молиялаштириш тўлиқ якунланган 8 трлн сўмлик 1 мингта лойиҳа ҳалигача ишга тушмаган.

Ўзбекистон сертификатларини тан олиш бўйича ҳалигача бирорта давлат билан келишувга эришилмаган. Халқаро молия ташкилотлари билан қиймати 480 млн долларлик 5 та лойиҳа бўйича келишув имзоланганига 1-2 йил бўлган бўлсада, ўзлаштириш бошланмаган.

Ёки, икки йил олдин ташкил қилинган Тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармасига 1 млрд доллар хорижий инвестиция олиб келиш бўйича режалар тўлиқ амалга оширилиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу муносабат билан комплекс учун масъул Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев чорак якунигача ўзгариш қилмаса, лавозимига лойиқлиги кўриб чиқилиши тўғрисида огоҳлантирилди.

Ўз тизимидаги камчиликлар ва сусткашлик учун Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Бадриддин Абидов ва Техник тартибга солиш агентлиги раҳбари Дилшод Саттаров лавозимидан озод қилинди.

Инвестиция комплексига кирувчи вазир ва ҳокимларнинг режалари ва натижалари суст бўлган ўринбосарлари ишдан бўшатилиб, уларга аниқ KPI белгиланиши ва шундан кейин бир йил муддатга шартнома асосида ишга олиниши белгиланди. Натижага қараб шартнома узайтирилади ёки бекор қилинади.

Бўлишиш
Юбориш
Твит ёзиш