Ўзбекистонда аёллар бандлигини таъминлаш бўйича махсус комиссия тузилади

O‘zbekiston

Олий Мажлис Сенати Танзила Норбоева бошчилигида аёллар тадбиркорлигини янги босқичга кўтариш, уларнинг бандлигига кўмаклашиш бўйича махсус комиссия тузилади. Лойиҳаларни амалга ошириш учун 15 трлн сўм, жумладан, оилавий тадбиркорлик лойиҳаларига 6 трлн сўм ажратилади.

Президент Шавкат Мирзиёев Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали маросимда сўзлаган нутқида аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича махсус комиссия ташкил этилишини маълум қилди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Ушбу комиссия келгуси йил 8 мартга қадар ҳар бир ҳудудда «фавқулодда ҳолат» режимида ишлаб, хотин-қизларни касб-ҳунарга ўқитиш, бандлигини таъминлаш ва тадбиркорликка жалб этиш бўйича ишларни мутлақо янгича ёндашувлар ва тизим асосида ташкил қилади.

Комиссияга Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева раҳбарлик қилади. Бизнес ғояларни молиявий қўллаб-қувватлашга «Халқ банки» раисининг ўринбосари Гулзода Рашидова масъул этиб белгиланди.

Шунингдек, Савдо-саноат палатаси, «Бизнесни ривожлантириш банки» ва «Микрокредитбанк»да ҳам аёллар тадбиркорлигига кўмаклашиш бўйича алоҳида раис ўринбосарлари иш бошлайди.

Вилоят, туман, шаҳар ҳокимлари, ҳокимларнинг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосарлари ҳамда фаол аёллар комиссия билан биргаликда жорий йилда 9 минг 442 та маҳалладаги 580 минг нафарга яқин ишсиз аёлларнинг бандлигини таъминлаш учун масъул этиб белгиланади.

Бу борада маҳаллаларда оилавий тадбиркорлик учун кредитларнинг камида 40 фоизи аёллар таклиф этган лойиҳаларга йўналтирилади. Шу мақсадда ҳар бир ҳудудда хотин-қизлар учун ҳунармандчилик, тадбиркорлик марказлари ва кластерлари ташкил этилади. Ушбу масканларда 205 минг нафар опа-сингилларимиз меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга тайёрланади ҳамда тадбиркорлик асосларига ўргатилади.

Шунингдек, «Ёшлар дафтари»га киритилган 8 минг нафар хотин-қизга ўз бизнесини бошлаши ва меҳнат қуролларини харид қилиши учун субсидия, 10 минг нафарига эса имтиёзли кредитлар ажратилади.
«50 минг нафар ёш аёллар учун малакали мутахассислар иштирокида «Бизнес марафон» лойиҳаси ташкил этилади. Ушбу лойиҳа доирасида юзлаб қобилиятли қизларимизга ўз бизнесини йўлга қўйиш бўйича амалий ёрдам берилади», — деди давлат раҳбари.

Умуман, бир ой муддатда хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш бўйича алоҳида дастур қабул қилиниб, лойиҳаларни амалга ошириш учун 15 триллион сўм, жумладан, оилавий тадбиркорлик лойиҳаларига 6 триллион сўм ажратилади.

Бундан ташқари, Саудия Арабистони, Қатар, Япония, Жанубий Корея ва Германиядаги элчиларимиз аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш учун 100 миллион долларлик грантларни жалб қилади.

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.