Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятидаги мактаблардан бирининг директори икки нафар 6-синф ўқувчисини калтаклагани акс этган видео тарқалди.

Кадрларда унинг икки боланинг бошини бир-бирига ургани, сўнг бошига яна бир неча марта мушт туширгани кўринади.

Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизмати хабар беришича, воқеа 2023 йил 13 январь куни Яккабоғ туманидаги 80-сонли мактабда содир бўлган.

Мактаб директори 6-синф ўқувчисини синфдаги партани синдирмоқчи бўлгани учун уриб, танбеҳ берган.

«Мазкур мактаб фаолияти меҳнат қонунчилигига мувофиқ алоҳида тартибда ўрганилади. Ўрганиш натижаларига кўра батафсил расмий ҳисобот тақдим этилади», — дейилади хабарда.

Яккабоғ тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ишлари бошланди. Болалар омбудсманı вазиятни назоратга олди.