Ўзбекистонда электр таъминотидаги чекловлар қайта жорий этилди

O‘zbekiston

Ўзбекистонда электр энергиясини 150 МВтгача бўлган чекловлар бекор қилинганидан кейин 4 кун ўтиб яна қайта киритилди. Бунга кучли ёмғир ва шамол сабаб бўлган.

Энергетика вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев кутилмаган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида электр энергиясига янги чекловлар жорий этилишини маълум қилди. Эслатиб ўтамиз, аввалги чекловлар 8 мартдан бошлаб тўхтатилган эди.

Унга кўра, 12 март куни электр станциялар орқали 234,5 млн кВт·соат, режадагига нисбатан 2 фоиз кўп электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бунинг учун иссиқлик электр станцияларида 50,8 млн кубометр табиий газ, 19,2 минг тонна кўмир ҳамда 1,6 минг тонна мазут ёқилди. Туркманистон Республикасидан 16,2 млн кВт·соат электр энергияси импорт қилинди.

Маълумотларга кўра, республика истеъмолчиларига 218,9 млн кВт·соат, режадагига нисбатан 6 фоиз кўп электр энергияси, 148,8 млн кубометр, режадагига нисбатан 11 фоиз кўп табиий газ етказиб берилди.

Кеча мамлакат бўйлаб кучли ёмғир ва қаттиқ шамол туфайли электр қурилмаларида юзага келган 12 та, газ таъминотида юзага келган 3 та носозлик бартараф қилинди.

Фарғона вилоятида кучли ёмғир ва шамол туфайли 6-10 кВли 11 та электр узатиш тармоғида носозлик юзага келган. Оқибатда Бешариқ, Данғара ҳамда Ўзбекистон туманларидаги 7 минг 500 та истеъмолчи ва кичик ишлаб чиқариш саноат корхоналари электр таъминотидан узилган.

Ҳозирги вақтда ноқулай об-ҳаво шароитига қарамасдан махсус бригадалар тарафидан ушбу носозлик баратараф қилинмоқда.

Mavzuga oid materiallar

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.