Тожикистонда ғойиб бўлган қизнинг жасади Сирдарё вилоятидаги каналлардан бирида топилди

O‘zbekiston

Сирдарё вилоятидаги Жанубий Мирзачўл канали қирғоғида Хўжанд шаҳрида (Тожикистон) бедарак йўқолгани хабар қилинган 9 ёшли қизнинг жасади топилди. Марҳумни қидириш ишлари бир ойдан ортиқ давом этган.

Тожикистон Фавқулодда вазиятлар қўмитаси маълумотларига кўра, С.Р. 7 февраль куни Хўжандда ғойиб бўлган. Бутун февраль ойи давомида йўқолган қизнинг жасадини қидириш ишлари Хўжанд ва Сўғд вилояти фавқулодда штаблари томонидан олиб борилган.

Шаҳар ва туман бошқармаларининг тезкор отрядидан ғаввослар жалб қилинган. Уни нафақат ФВҚ ғаввослари, балки кўнгиллилар ва хавотирланган Хўжанд аҳолиси ҳам излашди.
«29 февраль куни қўмита Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигига республика ҳудудида қидирув ишларини олиб боришда ёрдам кўрсатиш бўйича сўров хати юборди», — дейилади хабарда.

Тожикистон томонининг сўровига асосан жорий йилнинг 2 мартидан 12 мартига қадар Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ғаввос-қутқарув хизмати Сирдарёда қидирув ишларини олиб борди.

Олиб борилган ишлар натижасида 12 март куни соат 15:15 да Ўзбекистоннинг Сирдарё вилояти Ширин шаҳридан оқиб ўтувчи Жанубий Мирзачўл каналининг ўнг қирғоғида қиз боланинг жасади топилди.

Айни вақтда Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ марҳумнинг жасади Сирдарё вилоятининг Боёвут туманидаги тиббиёт муассасаси ўликхонасига топширилган, сўнгра яқинларига топширилади.

Mavzuga oid materiallar

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.