Халқаро суд Исроилга Ғазо сектори Рафаҳ шаҳридаги ҳарбий ҳужумларини тўхтатишни буюрди. Бундан ташқари, 24 май куни бўлиб ўтган йиғилишда судьялар Исроил ҳукумати терговчиларнинг минтақага тўсиқсиз киришини таъминлаш чораларини кўриши ва бир ой муддатда кўрилган чоралар тўғрисида ҳисобот тақдим этиши кераклиги ҳақида қарор чиқарди.
Суд қарорига кўра, Геноцид жиноятининг олдини олиш ва жазолаш тўғрисидаги конвенция бўйича ўз мажбуриятларига мувофиқ, Исроил ўзининг қуролли ҳужумини зудлик билан тўхтатиши ва Ғазо сектори ҳукумати ва аҳолисига ҳарбий таъсирини тўхтатиши керак.
Эшиттириш YouTubeʼда Reuters томонидан амалга оширилди.
Судьялар шаҳардаги гуманитар вазиятни ҳалокатли деб баҳолади. Суд Рафаҳдан одамларнинг эвакуация қилиниши, шунингдек, Исроил томонидан кўрилган бошқа чоралар фаластинликлар азобини енгиллаштириш учун етарли эканлигига ишонч ҳосил қилмаган. Ва Исроил мудофаа кучларининг (ЦАХАЛ) ҳаракатлари «Фаластин халқининг жисмоний йўқ қилинишига олиб келиши мумкин», деди суд ҳайъати раиси Наваф Салам.
Бундан ташқари, суд мавжуд вазиятнинг Ғазодаги одамларнинг ҳуқуқларига тузатиб бўлмайдиган зарар етказиш хавфини янада оширишини таъкидлаб, минтақада давом этаётган воқеалар юзасидан тергов давом этишини қўшимча қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентда Жаҳон тиллари университетининг 19 ёшли талабаси Исроил элчихонасига ўт қўйишга урингани учун 5 йилга озодликдан маҳрум этилганди. Маҳкум Исроил ва Фаластин ўртасидаги қуролли тўқнашув ҳақидаги видеони томоша қилиб, норозилик билдиришга уринган.