Арманистонда 27 май куни тонгдан буён намойишлар бўлиб ўтмоқда, унинг иштирокчилари бош вазир Никол Пашинян истеъфосини талаб қилмоқда. Бу ҳақда Спутник Арманистон ахборот агентлиги хабар берди.
Архиепископ Баграт Галстанян бошчилигидаги «Ватан номи нилан Тавуш» ҳаракатини қўллаб-қувватлаган намойишчилар Ереван — Аштарак ва Ереван — Армавир магистралларини тўсиб қўйишди. Ереванда ҳам бир қанча хиёбон ва кўчалар тўсилган. Архиепископ Галстаняннинг ўзи, аввалроқ ваъда қилганидек, Абовян ва Саят-Нова кўчалари кесишган чорраҳада қора йўлтанламасда йўлни тўсган.
Маҳаллий вақт билан 8:55 ҳолатига кўра, полиция аллақачон 67 кишини ҳибсга олган. Неwс.ам ахборот порталининг хабар беришича, ҳибсга олишлар Абовян кўчаси ва Тигран Метс проспектида бўлиб ўтмоқда. Ҳибсга олинганлар орасида «Арманистон» фракцияси депутати Артур Саркисян ва Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) собиқ бош котиби ва Арманистон Қуролли кучлари Бош штабининг собиқ бошлиғи Юрий Хачатуровнинг ўғли Игор Хачатуров ҳам бор.
Намойишчилар Никол Пашинян истеъфосини талаб қилмоқда. 26 май куни «Ватан номи билан Тавуш» ҳаракати Арманистон бош вазири лавозимига Баграт Галстанян номзодини илгари сурди. Ташкилот етакчиларидан бири Гурген Меликян бу қарор бир ой давомида турли соҳалар, сиёсий партиялар ва ижтимоий ҳаракатлар вакиллари билан ўтказилган учрашув ва анжуманлардан сўнг қабул қилинганини айтди.
Кечаги митингда Баграт Галстанян Никол Пашинянни учрашишга таклиф қилган ва уни истеъфога чиқишга чақирган.
Намойишларга Озарбайжон билан чегараларни делимитация қилиш қарори сабаб бўлган. Аввалроқ Боку ва Ереван чегаранинг алоҳида участкасини демаркация қилиш, жумладан, тўртта қишлоқнинг ҳудудий мансублигини аниқлаш бўйича келишиб олган эди. Баганис Айрум, Ашагы-Аскипара, Хейримли ва Қизил-Гаджили қишлоқлари Озарбайжон назоратига ўтади. 24 май куни бу қишлоқлар Озарбайжон чегарачилари томонидан босиб олинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Грузиянинг Тбилиси шаҳрида ўн минглаб одамлар полиция зўравонлигига қарши намойишга чиққанди. Ички ишлар вазирлиги биносида одамлар ўрнидан туриб, калтакланган мухолифат етакчилари ҳақидаги плакатларни очиб, полиция ўраб олган.