Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху халқаро ташкилот Рафаҳ қочқинлар лагерига қилинган ҳаво ҳужумини қоралаганига қарамай, мамлакат ҲАМАС гуруҳига қарши ҳарбий ҳаракатларни давом эттиришини айтди. Зарбада ўнлаб фаластинликлар ҳалок бўлди, юзлаб одамлар яраланди ва куйиб кетди.
Ғазонинг ҲАМАС назоратидаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, камида 45 киши ҳалок бўлган.
Исроил парламентида сўзлаган Нетаньяху қочқинлар лагерига қилинган ҳужум «фожиали воқеа» эканини айтди, бироқ у барча мақсадларга эришилмагунча жанговар ҳаракатларни тўхтатиш ниятида эмаслигини таъкидлади.
Бош вазирнинг таъкидлашича, Исроил тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун барча мумкин бўлган эҳтиёт чораларини кўрмоқда, ИД эса можарога алоқадор бўлмаганларга зарар етказмаслик учун ҳаракат қилмоқда.
«Рафаҳда биз бир миллиондан ортиқ жангари бўлмаганларни эвакуация қилдик, аммо саъй-ҳаракатларимизга қарамай, кеча фожиали воқеа содир бўлди», — деди Нетаняху.
Унинг қўшимча қилишича, Исроил воқеани текширади ва тегишли хулосалар чиқаради, чунки бу сиёсатнинг бир қисмидир.
Исроил армияси матбуот котиби Даниэль Хагарининг айтишича, армия лагердаги йирик ёнғин зарба берилган жойда жойлашган ўқ-дорилар омборининг портлаши оқибатида келиб чиққан бўлиши эҳтимолини кўриб чиқмоқда.
Хагарининг сўзларига кўра, исроилликлар зарба беришда қўллаган 17 килограммлик ўқ-дорилар бундай катта ёнғин чиқиши учун етарли бўлмаган.
Шунингдек, ЦАХАЛ матбуот атташеси зарба исроилликлар томонидан белгиланган хавфсизлик зонасидан ташқарида жойлашган объектга берилганини айтди.
Исроилнинг зарбаси инсонпарварлик ташкилотлари, БМТ ва Европа Иттифоқи каби халқаро норозиликни келтириб чиқарди. Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари ХЖозеп Боррелнинг айтишича, Исроил БМТ судининг Рафаҳга ҳужумни тўхтатишга буйруқ берган қарорини ҳурмат қилиши керак.
«Бу операциялар тўхтатилиши керак. Рафаҳда фаластинлик тинч аҳоли учун хавфсиз ҳудудлар мавжуд эмас. Мен халқаро ҳуқуқни тўлиқ ҳурмат қилишга ва зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақираман», — деб ёзди Франция президенти Эммануэль Макрон Х ижтимоий тармоғида.
Исроилнинг ҲАМАС билан музокараларида воситачилик қилаётган Қатар Ташқи ишлар вазирлиги бу воқеа тўхтаб қолган маслаҳатлашувларни қайта тиклаш ва гаровга олинганларни озод қилиш ҳаракатларига тўсқинлик қилиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Ахборот агентликларининг дипломатик манбаларига кўра, Жазоир ташаббуси билан сешанба куни БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилиши бўлиб ўтади.
Исроил якшанба куни Рафаҳга ҳужумни ҲАМАС бир неча ой ичида Тель-Авивга биринчи ракета ҳужумини уюштирганидан бир неча соат ўтиб бошлади.
Исроил расмийларига кўра, якшанба куни Рафаҳда уюштирилган зарбада икки нафар юқори мартабали ҲАМАС жангарилари Ясин Рабиа ва Холид Нагар ҳалок бўлган.
«Зарба халқаро қонунларга мувофиқ, аниқ ўқ-дорилардан фойдаланган ҳолда ва ҲАМАС ҳудуддан фойдаланаётганини кўрсатувчи аниқ разведка маълумотларига асосланиб, қонуний нишонларга қарши амалга оширилди», — деди якшанба куни ҳарбийлар.
Аввалроқ Халқаро суд ҳам Исроилга Рафаҳдаги ҳарбий операцияни тўхтатишни буюрганди. Давлат Рафаҳ назорат пунктини ҳам очиқ тутиши керак.