New York Post нашрининг ёзишича, Американинг Оҳайо штати Янгстаун шаҳрида кучли портлаш содир бўлиб, Chase Bank биносининг биринчи қаватига жиддий зарар етказган.

WFMJ маълумотларига кўра, портлаш соат 14:45 атрофида Chase Bank жойлашган 13 қаватли бинода содир бўлган.

Қутқарувчилар портлашдан кейин вайроналарни тозалади. Дастлабки маълумотларга кўра, портлаш шунчалик кучли бўлганки, вайроналар кенг кўчанинг қарама-қарши томонига тарқалиб кетган. Тахминларга кўра, портлашга ерости коммуникацияларидан газ сизиб чиқиши сабаб бўлган.

Бир киши ҳамон бедараклигича қолмоқда, деди ёнғин ўчириш бошқармаси бошлиғи Барри Финли. Эркакнинг рафиқаси ўт ўчирувчиларга сешанба куни эрталаб у бинога ишга кетганини айтган. Афсуски, экипажлар уни вайроналар орасидан топа олмаган.

«Портлаш шаҳар марказида, Марказий майдондан унча узоқ бўлмаган жойда содир бўлган. Фавқулодда хизматлар воқеа жойида ва вазият фаол назорат қилинмоқда», — дейилади департамент хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида портлаш оқибатида Nexia автомобили парчаланиб кетганди. Фожиага газ баллонидаги носозлик сабаб бўлган.