2024 йилнинг дастлабки беш ойида Россияда ишлаш ёки яшаш учун рухсатнома олиш учун имтиҳонлардан ўта олмаган хорижликлар сони ўн баробар ошди. Вазирлик буни имтиҳон жараёни устидан назоратни кучайтириш билан изоҳлади. Бу ҳақда Таълим ва фан вазирлигига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Имтиҳонлар ташриф буюрувчиларнинг рус тили, Россия тарихи ва Россия қонунчилиги асослари бўйича билимларини текширишга ёрдам беради, дейилади вазирлик баёнотида.
«Имтиҳон топшириш тартибига қўйиладиган талаблар қаттиқлашди, бу эса ўта олмаганлар сонининг сезиларли даражада кўпайишига олиб келди», — дейилади баёнотда.
Ҳозирда Россияда тест синовлари учун 129 та имтиҳон участкаси мавжуд. Улардан 41 таси Ички ишлар вазирлиги негизида, 87 таси федерал ва минтақавий университетлар негизида, яна бири минтақавий давлат ташкилоти негизида жойлашган.