Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Доғистондаги терактларни қоралади

O‘zbekiston

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Бахтиёр Саидов Доғистондаги теракт муносабати билан ҳамдардлик билдирди, шунингдек, вазирлик номидан Махачқалъа ва Дарбандда содир этилган ҳаракатларни кескин қоралади.

Фото: Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

24 июнь куни Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ТИВ номидан Доғистондаги теракт оқибатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди.

Вазирнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон 23 июнь куни Махачқалъа ва Дарбандда содир этилган терактларни кескин қоралайди.

«Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги номидан ҳалок бўлганларнинг барча қариндошлари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 23 июнь куни Россиянинг Доғистон республикасининг икки шаҳрида терактлар содир этилганди. Доғистонда жангариларнинг ҳужумлари оқибатида 15 дан ортиқ ҳуқуқ-тартибот ходимлари ва бир неча тинч аҳоли ҳалок бўлган. Ўзбекистон президенти Россия Федерацияси раҳбари Владимир Путинга ҳамдардлик билдирган.

Mavzuga oid materiallar