Пойтахтнинг Учтепа туманида бошқарув сервис компаниясидаги талон-торожлик фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати хабар берди.
Департамент маълумотларига кўра, «А.К.» МЧЖ бошқарув сервис компанияси масъул шахслари аҳолидан йиғилган жами 1,6 млрд сўм маблағларни сарфлангани ҳақидаги чек, ҳисоб-фактура, йўл варақаси, қайта ҳисоб-китоб қилиш ва бажарилган ишлар ҳақидаги далолатномаларни расмийлаштирмагани, шунингдек МЧЖ ҳисоб рақамига кирим қилинган 604,4 млн сўмни нақд кўринишда олиб, ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентдаги яна бир автосалон харидорларни алдаётган бўлиши мумкинлиги хабар қилинганди. Бош прокуратура маълумотларни текшириб, Alliance Motors МЧЖ раҳбариятига нисбатан жиноий иш қўзғатди. Фуқаро 19 та автомашинани етказиб бермасдан, харидорларнинг 6 млрд сўмдан ортиқ маблағини ўз эҳтиёжлари учун сарфлаганликда гумон қилинмоқда.