Яқинда Қозоғистонга сафари чоғида Telegram асосчиси Павел Дуров Остона, Олмаота, Бурабай қишлоғи ва Шарин дарасида бўлди.
«Қозоғистоннинг гўзаллиги фақат унинг амбициялари билан рақобатлаша олади. Мамлакат халқаро компаниялар ва технология стартапларини жалб қилмоқда. Қозоғистонда бизнес учун қулай сиёсат ва солиқлар мавжуд. Шунингдек, ҳукумат инновацион мактаблар ва университетларни қўллаб-қувватлаб, таълим ва фан соҳасидаги ўзининг афзалликларини яхшиламоқда», — деди Дуров ўзининг Telegram каналида.
Статистик маълумотларга кўра, 20 миллион қозоғистонликдан 12,5 миллион нафари ҳар ой Telegramʼдан фойдаланади, бу ўтган йилга нисбатан 25 фоизга кўпдир.
«Биз Қозоғистон халқи учун асосий алоқа платформаси бўлиб хизмат қилаётганимиздан фахрланамиз ва уларнинг тез иқтисодий ва рақамли ўзгаришини тезлаштирадиган восита бўлиб қолишдан умид қиламиз», — деб ёзган Дуров.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Telegram асосчиси Павел Дуров Ўзбекистонга қилган сафари натижалари билан ўртоқлашганди. Дуровни Тошкентнинг замонавий инфратузилмаси, мамлакат жанубидаги тоғ ландшафтлари, Бухоро ва Самарқанднинг бой тарихи ҳайратга солган.