BMP Smart Decision Management компанияси вакиллари «Дўстлик» боғини янгилаш режасини тақдим этди, деб ёзади «Газета.uz».
«Дўстлик» боғини реконструкция қилиш лойиҳаси тақдимоти боғни сақлаб қолиш тарафдори бўлган Яккасарой тумани аҳолиси билан чилонзорликлар ўртасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Ғафур Ғулом боғи BMP Smart Decision Management компанияси томонидан амалга оширилган реконструкциядан сўнг қандай яхши томонга ўзгаргани ҳақида сўзлаб бериш учун улар ҳам таклиф этилди.
Собиқ Бобур истироҳат боғида катта айвон ўрнатиш режалаштирилган. Шунингдек, рақс майдончаси, скейт парки ва авиарий – қушлар ва табиий ландшафтга эга катта қушхона қуриш режалаштирилган.
BMP Smart Decision Management директори Отабек Мирзажоновнинг таъкидлашича, боғнинг катта қисми шунчаки ободонлаштирилади. Шунингдек, у реконструкция Сеул боғи, Сиетл боғи ва Тинчлик қўнғироғига таъсир қилмаслигини айтди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг апрель ойида «Дўстлик» (собиқ Бобур) боғига фаоллар йиғилиб, реконструкцияга қарши чиққан ва лойиҳага қарши имзо тўплашни бошлаганди.
Кейинроқ Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Тошкент ҳокимлиги томонидан Абдулла Қодирий номидаги ва «Дўстлик» (собиқ Бобур) боғлари BMP Smart Decision Management компаниясига 49 йиллик ижарага берилгани муносабати билан баёнот эълон қилди.
Партия хабарида айтилишича, «Адолат» депутатларидан иборат ишчи гуруҳи истироҳат боғларида ўрганишлар олиб бормоқда.
«Ҳокимлик вакиллари партияни истироҳат боғлари ҳудудини муҳофаза қилишга катта эътибор қаратишини ҳамда ҳокимлик рухсатисиз ҳар икки боғ ҳудудида ҳеч қандай қурилиш ишлари олиб борилмаслигига ишонтирди», — дейилади партия хабарида.
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун «Адолат» СДП истироҳат боғларини жамоатчилик муҳокамасидан сўнг ижарага бериш ва бу тартибни очиқ ва ошкора амалга ошириш зарур, деб ҳисоблайди.