«Англеси Фуд» МЧЖ (Korzinka тармоғи)га нисбатан «Реклама тўғрисида»ги қонунни бузгани учун иш очилгани ҳақида аввалроқ хабар берилганди. Компания истеъмолчиларни чалғитувчи рекламага қўйиладиган талабларни бузган. «Энг арзон» товарларнинг нархи бозордаги нархлардан фарқ қилмаган.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама қонунчилиги бузилишига оид ишларни кўриб чиқиш бўйича махсус комиссия томонидан қабул қилинган қарор ҳақида Рақобат қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди. Комиссия «Англеси Фуд»ни айбдор деб топди.
Молиявий жарима ундириш учун Korzinkaʼга қарши даъво қўзғатилади. Қўмита матбуот хизматининг аниқлик киритишича, жарима миқдори БҲМнинг 50 бараваридан 70 бараваригача бўлиши мумкин, бу эса 17 миллион сўмдан 23,8 миллион сўмгача тўғри келади. Бундан ташқари, чакана сотувчи «Реклама тўғрисида»ги қонун бузилиши ҳолатларини қўмита кўрсатмаларига асосан бир ой муддатда бартараф этиши шарт.
Ваколатли органнинг қарорига рози бўлмаган тақдирда, жавобгар судга мурожаат қилиши мумкин. Қўмита тадбиркорларни ўз фаолиятини амалдаги қонунчилик доирасида амалга оширишга чақирди.