Трамп инаугурациясидан олдин Украинадаги урушни ҳал қилишга ваъда берди

O‘zbekiston

АҚШ президентлигига номзод Дональд Трамп президентликка расман киришишидан олдин ҳам Украинадаги урушни ҳал қилишга тайёрлигини маълум қилди. Бу ҳақда у Мичигандаги нутқида айтиб ўтди.

«Оваль кабинетни эгаллашимдан олдин ҳам, биз президентлик сайловларида ғалаба қозонганимиздан кўп ўтмай, мен Россия ва Украина ўртасидаги бу даҳшатли урушни ҳал қиламан. Мен буни қила оладиган ягона одамман. Учинчи жаҳон урушининг олдини оламан», — деди Трамп.

Оқ уйнинг собиқ раҳбари 27 июнь куни бўлиб ўтган сайловолди дебатлари чоғида Украинадаги урушни эҳтимолий қайта сайланиши ва 2025 йил 20 январда президентлик қасамёдини қабул қилишидан олдин ҳал қилишига ваъда берган ди. У, шунингдек, агар Москва Америка президентини ҳурмат қилганида Украинадаги уруш ҳеч қачон бошланмаслигини таъкидлади.

Аввалроқ Дональд Трамп президентликка номзод сифатида расман кўрсатилгани хабар қилинганди. Республикачилар партиясининг қурултойида у етарлича овоз олган.

АҚШда навбатдаги президентлик сайлови 2024 йил 5 ноябрга, сайланган президентнинг инаугурацияси эса 2025 йил 20 январга белгиланган.

Mavzuga oid materiallar

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.