Тошкент вилояти Қуйичирчиқ тумани ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Ф.К.га нисбатан суд ҳукми ўқилди, деб ёзади Kun.uz.
Ф.К. ЯТТ «Урозалиева Иродабону Олимжон қизи» ҳисоб рақамига «Аёллар дафтари» жамғармаси маблағларидан жами 15 000 000 сўм пул маблағлари ўтказилишига эришиб, ўтказилган пул маблағларини тадбиркор орқали нақдлаштириб, ушбу пул маблағларини 2023 йил май ойида ўтказилган «Шўрданак» ҳажвий театри учун театр раҳбарига бериб, «Аёллар дафтари» жамғармасидаги пул маблағларини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилган.
Бундан ташқари, жиноий ҳаракатларини давом эттириб, такроран ўзганинг мол-мулкини растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш мақсадида, Қўйичирчиқ туман ҳокимининг фармойишига асосан «Аёллар дафтари» жамғармаси маблағлари ҳисобидан «Аёллар дафтари»да рўйхатда турган боқувчиси бўлмаган, эҳтиёжманд хотин қизларнинг уй-жойини таъмирлаш учун жами қиймати 90 302 712 сўм миқдоридаги қурилиш молларини харид қилиб, 51 274 692 сўм қурилиш материаллари жами тумандаги 16 та МФЙда яшовчи фуқароларга тарқатиб, уни ихтиёрида қолган жами қиймати 35 172 506 сўм бўлган қурилиш материалларини растрата йўли билан талон-торож қилиб давлат манфаатларига анча миқдорда моддий зарар етказган.
Айбланувчининг айтишича, шартнома туман ҳокимининг биринчи ўринбосари ва бош ҳисобчи томонидан тузилган. У жиноят содир этишдан манфаатдор эмаслигини айтиб, пушаймонлигини билдирди ва суддан енгиллик сўради.
Суд ҳукмига кўра, судланувчи Ф.М. ЖКнинг 167-моддаси 2 қисми «б», «г» бандлари ва 209-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди. Судланувчи Ф.М. ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми «б», «г» бандлари билан ЖКнинг 45-моддасини қўллаб 1 йил муддатга муайян ҳуқуқдан яъни корхона, ташкилотларда моддий жавобгарлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, ҳар ойлик иш ҳақининг 15% давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 6 ой муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Ф.К.га ЖКнинг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 1 йил муддатга муайян ҳуқуқдан яъни, корхона, ташкилотларда моддий жавобгарлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, ҳар ойлик иш ҳақининг 15% давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 1 йил 8 ой муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.