Украина президенти Владимир Зеленский Франция ОАВларига берган интервьюсида Россия Украинадаги вазиятни тинч йўл билан тартибга солиш бўйича иккинчи саммитда иштирок этиши кераклигини айтди. Унинг сўзларига кўра, дунёнинг аксарият давлатлари Россиянинг ушбу тадбирда иштирок этиши тарафдори.
Швейтсарияда бўлиб ўтган биринчи глобал тинчлик саммитига Россия таклиф қилинмади. Шундан сўнг Кремль вакиллари саммит Россия талабларини кўриб чиқмагани учун тинчликка ёрдам бера олмайди, деган фикрни билдирди.
Украина ўзининг тинчлик режасини таклиф қилди, унда Россия қўшинларини босиб олинган ҳудудлардан олиб чиқиб кетиш, ҳарбий жиноятчиларни жазолаш ва товон тўлаш киради. Россия, ўз навбатида, жанглар Украина ўз қўшинларини Москва ўзиники деб ҳисоблаган ҳудудлардан олиб чиқмагунча давом этишини айтди.
«Бугун дунёнинг аксарияти Россия иккинчи саммитда иштирок этиши кераклигини айтмоқда, акс ҳолда бу ҳақиқий натижа бермайди», — деди Зеленский. «Бутун дунё уларни музокаралар столида кўришни хоҳлаётгани учун биз бунга тўсқинлик қила олмаймиз».