Россия билан алмашув доирасида озод этилган сиёсий маҳбуслар АҚШга етиб келди — видео

Дунё

Wall Street Journal мухбири Эван Гершкович, «Озодлик радиоси» журналисти Алсу Курмашева ва собиқ денгиз пиёдаси Пол Уилан АҚШга самолётда етиб келди. Уларни АҚШ президенти Джо Байден ва вице-президент Камала Ҳаррис кутиб олди.

Фото: Associated Press

АҚШ фуқаролари — Wall Street Journal мухбири Эван Герцҳкович, «Озодлик радиоси» журналисти Алсу Курмашева ва собиқ денгиз пиёдаси Пол Уилан бўлган самолёт Мериленд штатидаги Эндрюс ҳарбий-ҳаво кучлари базасига эсон-омон қўнди.

АБC Неwс хабар беришича, Россия билан алмашув доирасида озод этилган Герцҳкович, Курмашева ва Уиланни яқинлари, шунингдек, АҚШ президенти Джо Байден ва вице-президент Камала Ҳаррис кутиб олган.

«Мен уйдаман», — деган Гершкович самолёт олдида кутиб турган The Wall Street Journal нашридаги ҳамкасбларига.

Джо Байден бу лаҳзани узоқ кутганини айтди.

«Буни уддалай олишимизга ишончим комил эди», — деди АҚШ президенти.

Эван Гершкович, Алсу Курмашева ва Пол Уилан 1 август куни Россия ва Ғарб давлатлари ўртасида бўлиб ўтган алмашинув доирасида қўйиб юборилди.

Оқ уй озодликка чиққанлар билан телефон суҳбатлари видеосини ҳам чоп этди. Суҳбатлар АҚШ президенти Джо Байденнинг кеча нутқи олдидан, озод этилганлар Туркиядан штатларга учаётган самолётда бўлганида бўлиб ўтди. Суҳбатда Эван Герцҳковичнинг онаси, Алсу Курмашеванинг қизлари, Пол Уиланнинг қариндошлари ва Владимир Кара-Мурзанинг оиласи иштирок этди.

«Мен шунчаки муносиб сўзларни топа олмаяпман, қамоқхонада ўлишимга амин эдим. Бўлаётган ишларга ишона олмаяпман. Сенинг овозингни эшитиш ўрнига ҳамон Омскда камерамда ухлаётгандекман», — деди Кара-Мурза.

Маълумот учун, алмашувда Россия 16 кишини қўйиб юборган ва саккиз фуқаросини қайтариб олган. Россияга қайтганлар орасида ФХХ зобити, Германияда собиқ чечен қўмондонини ўлдиргани учун умрбод қамалган Вадим Красиков, шунингдек Словенияда жосуслик учун қамалган Россия агентлари Артём ва Анна Дульцевалар ҳам бор.

Мавзуга оид материаллар