Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида Ucell уяли алоқа оператори ходими криптовалюта биржасида савдо қилиш учун катта миқдордаги пулни ўғирлади. 19 июль куни жиноят ишлари бўйича туман судида ҳукм ўқиб эшиттирилди [ҳукм таҳририятга тақдим этилди].
Суд ҳукмига кўра, 1999 йилда туғилган фуқаро А.И., Ucellʼнинг Пахтаобод туман филиалида катта сотувчи бўлиб ишлаган. Йигит 2023 йил октабр ойида компания томонидан мижозларга тўловлар учун ўтказилган 198 миллион 900 минг сўмни Paynet иловаси орқали банк пластик картасига ўтказган. Ушбу маблағлар билан фуқаро Binance биржасида Битcоин криптовалютасини сотиб олган.
А.И. 2023 йилнинг ноябрь ойида у яна криптовалюта савдоси учун компаниянинг яна 249 907 000 сўм маблағини банк картасига ўтказган. Шундай қилиб, айбланувчи компаниянинг 448 миллион сўмдан ортиқ маблағини ўзлаштирган.
Судда А.И. айбини тўлиқ тан олди. Шунингдек, фуқаро томонидан 448 807 000 сўм зарар тўлиқ қопланди.
Суд қарори билан А.И. Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» бандида кўрсатилган жиноятни (жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) содир қилганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан 1 йил давлат ҳамда давлат улуши иштирокидаги корхоналарда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, ҳар ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган.
2023 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари ва юридик шахслари криптоактивларни сотиб олиш, сотиш ва алмаштириш бўйича операцияларни фақат миллий провайдерлар орқали амалга оширишлари мумкин. Ўзбекистон Республикасида хорижий криптобиржалар веб-сайтларига кириш блокланди: улардаги транзакциялар ноқонуний ҳисобланади.
Айтиш жоизки, шу билан бирга, хорижий криптовалюта биржасида савдо қилиш факти судда кўриб чиқилмаган ва айблов томонидан тақдим этилмаган.