«Тошкент–Самарқанд» пулли йўли: нарх, максимал тезлик ва бошқа кўзга илғамайдиган афзалликлар

O‘zbekiston

«Взгляд.uz» Ўзбекистоннинг пулли йўллари қандай афзалликларга эга бўлиши ва улар енгил ҳамда юк автомобиллари учун қанчага тушишини аниқлади. Ваколатли идорадаги манбанинг тушунтиришича, «бу йўлларда асфальт учун эмас, қулайлик учун пул тўланади».

Фото: Ситуатив / 24krasnodar.ru

Аввалроқ «Взгляд.uz» Ўзбекистонда камида минг километр замонавий пулли магистраль автомобиль йўлларини қуриш ва модернизация қилиш режалаштирилгани ҳақида ёзганди. Тошкентдан Самарқандга пулли йўл қурилиши 2024 йилда бошланади.

Тендер натижаларига кўра, лойиҳанинг сармояолди ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун «PROYAPI Engineering & Consultancy Inc.», «İstanbul PPP Center of Excellence», «RASCO Group LLC of Hong Kong» ва «Al Ebdaa Company, CGCE» компаниялари консорциуми танлаб олинган.

Лойиҳа доирасида узунлиги 300 километрдан ортиқ, олти чизиқли «автомагистраль» учун халқаро стандартлар ва талабларга жавоб берадиган И-а тоифали автомобиль йўли қурилади. Шунингдек, барча чорраҳа ва иншоотлар устидан янги кўприклар ва йўл ўтказгичлар қуриш режалаштирилган.

Ваколатли идорадаги манбанинг «Взгляд.uz»га маълум қилишича, пулли йўлдан ўтишнинг дастлабки нархи енгил автомобиллар учун 3-4 доллар, юк машиналари учун эса 7-8 долларни ташкил этади.

Таъкидланишича, пуллик йўлларда бутун йўл бўйлаб ўрнатилган видеокамералар тармоғи билан ҳаракатни бошқаришнинг электрон тизимидан фойдаланилади. Бу мажмуалар жорий йўл ҳолатини назорат қилиш имконини беради.

Йўлни кечаю кундуз навбатма-навбат ишлайдиган операторлар кузатиб боради. Авария ҳолатида улар ҳодиса жойига тез ёрдам юборишади ва алоҳида ажратилган йўлакдаги кичик носозликларни бартараф этади.

Йўлнинг ҳар бир қисмида, ҳар 20 километр масофада автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари, кафелар ва сервис марказлари жойлаштирилади.

«Йўлнинг пулли қисмига кирганда, одам ҳар қандай ҳолатда ҳам қулайлик учун пул тўлайди. Бироқ шуни тушуниш керакки, бу нафақат мукаммал текис қопламадан, балки мана шундай майда-чуйдалардан ҳам иборат», — дея таъкидлади қўмита.

Пулли трассаларда рухсат этилган максимал тезлик соатига 140−150 километрни ташкил этиши мумкин.

Mavzuga oid materiallar