2025 йилдан бошлаб Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклик (ДХШ) моделидан фойдаланган ҳолда ҳар йили 100 тадан янги мактаблар очилиши режалаштирилган. Бу ҳақда давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки (ОИИБ) нинг Самарқанддаги йиғилишида маълум қилди.
Яқин йилларда бу мақсадлар учун 2 миллиард доллар йўналтирилади. Бундан ташқари, келгуси 3-4 йилда республикада мактабгача таълим билан қамровни 80 фоизга етказиш режалаштирилган (ҳозир у 74 фоизни ташкил этмоқда). ДХШ асосида 240 минг ўринли боғчалар барпо этилади.
Президент таълим соҳасидаги лойиҳаларни халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорликнинг янги ва истиқболли йўналиши сифатида кўриб чиқишни таклиф қилди.
Аввалроқ, Ўзбекистон президенти Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки директорлар кенгашининг тўққизинчи йиллик йиғилишида сўзга чиқиб, Тошкент – Самарқанд ва Самарқанд – Навоий – Бухоро йўналишларида янги темирйўл линиялари қурилиши ҳақида маълум қилганди.