Комил Алламжоновга суиқасдда гумонланаётган яна уч киши ҳибсга олинди

O‘zbekiston

Бош прокуратура собиқ сиёсатчи Комил Алламжоновни ўлдиришга уринишда гумон қилинаётган яна уч киши ҳибсга олинганини маълум қилди.

Фото: Ситуатив / «Xavfsizlik» Telegram канали

Тергов ва тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Тошкент вилояти Қибрай туманида Комил Алламжоновни ўлдиришга уринишда иштирок этганликда гумон қилинаётган яна 3 нафар шахс аниқланди. Улар ҳибсга олинган, дея хабар берди Бош прокуратура.

Идора, шунингдек, ушбу жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари давом этаётганини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, 26 октябрга ўтар кечаси Қибрай туманида, темир йўл кесишмаси яқинида икки номаълум шахс президент маъмуриятининг собиқ ходими Комил Алламжонов ўтирган Range Rover русумли автомобилга бир неча марта ўқ узган. Шундан сўнг улар воқеа жойидан қочиб кетишган. Ҳайдовчи ва собиқ амалдор жароҳат олмаган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 97 (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) ҳамда 248- (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Mavzuga oid materiallar