Kun.uz: Номаълум шахслар Комил Алламжоновнинг машинасига ўқ узишди

O‘zbekiston

Қибрай туманида Комил Алламжоновни ўлдиришга уриниш содир бўлди. Kun.uz нашрининг ёзишича, Алламжонов жароҳатланмаган. Баъзи маълумотларга кўра, қоронғида йўл четида машинани пойлаб турган икки киши Макаров тўппончасидан беш марта ўқ узган ва қочиб кетган. Туман қуршаб олинган.

Фото: fb.com/k.allamjonov

26 октябрь куни тунда, тахминан соат 01:30 ларда Қибрай туманида, Комил Алламжоновнинг уйи яқинида унга қуролли ҳужум уюштирилди, деб хабар бермоқда Kun.uz.

Маълумотларга кўра, икки номаълум шахс у ўтирган машинага бир неча марта ўқ узган ва воқеа жойидан ғойиб бўлган. Алламжонов жароҳатланмаган.

Операция тафсилотлари ва терговга яқин бўлган Озодлик радиоси манбасининг маълум қилишича, ҳодиса «суиқасд» сифатида баҳоланмоқда.

«Қибрай қуршаб олинган, туманда ҳамма оёққа турган. Ҳукумат вазиятдан хабардор, аммо расмий маълумот берилмаслиги мумкин», — деди Озодлик манбаси.

Манбанинг сўзларига кўра, ҳодиса Алламжонов Қибрай туманидаги уйи ёнидаги темир йўл кесишмасидан шахсий автомобилида ўтаётганда содир бўлган.

«Мототциклда қоронғида машинани пойлаб турган икки киши Макаров тўппончасидан машинага беш марта ўқ узган ва қочишга муваффақ бўлган. Алламжонов ва унинг ҳайдовчиси жароҳатланмаган, аммо машинада ўқ излари қолган. Ҳозир камералар ёқилган ва ҳужум қилганларни аниқлаш ишлари олиб борилмоқда», — дея қўшимча қилди нашр манбаси.

Эслатиб ўтамиз, Комил Алламжонов жорий йилнинг 30 сентябрида президент маъмуриятининг ахборот сиёсати бўлими бошлиғи лавозимидан озод этилган эди. Кейинчалик у хусусий секторда фаолиятини давом эттиришини маълум қилган.

Mavzuga oid materiallar