Парламент сайлови очиқ ва шаффоф ўтказилди — ШҲТнинг Ўзбекистондаги миссияси

O‘zbekiston

ШҲТ бош котиби ўринбосари Нурлан Ермекбаев 27 октябрда бўлиб ўтган парламент сайловлари очиқ, шаффоф тарзда ва Ўзбекистоннинг миллий сайлов қонунчилигига тўла мувофиқ ҳолда ўтказилганини маълум қилди.

27 октябрь, якшанба куни Ўзбекистонда парламентнинг Қонунчилик палатасига сайлов бўлиб ўтди. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби ўринбосари Нурлан Ермекбаев брифингда таъкидлашича, сайловлар очиқ ва миллий қонунчиликка мос равишда ўтказилди.

«Сайловлар очиқ ва шаффоф тарзда, Ўзбекистоннинг миллий сайлов қонунчилигига тўлиқ мувофиқ ҳолда ўтказилди», — деб айтди у.

Нурлан Ермекбаев раҳбарлигидаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти миссияси Тошкент, Бухоро, Жиззах, Зомин ва Самарқанд шаҳарларидаги 48 та сайлов участкасини кузатди. Миссия таркибига ШҲТга аъзо еттита давлат: Беларус, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия ва Тожикистондан 15 нафар вакил, шунингдек, ташкилот котибияти вакиллари кирди.

ШҲТ кузатувчилари маҳаллий сайлов комиссиялари раислари ва аъзолари, миллий ва халқаро кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан суҳбатлар ўтказдилар. Улар сайлов участкаларининг очилиши ва ёпилишида, овозларни санаб чиқишда ҳам иштирок этди.

Миссия аъзолари сайлов жараёнининг ташкил этилиши, овоз бериш участкаларининг техник жиҳозланиши ва стендлардаги маълумотларнинг мазмунли эканлигини юқори баҳоладилар. Шунингдек, сайловда фуқаролик жамияти вакиллари ва ёшларнинг фаол иштирок этаётганини алоҳида таъкидлади.

Аввалроқ Марказий сайлов комиссияси парламент сайловининг дастлабки натижаларини эълон қилганди. 34,75 фоиз овоз тўплаган Ўзбекистон Либерал-демократик партияси етакчилик қилмоқда.

Mavzuga oid materiallar