Чегара ҳудудида 5 кундан ортиқ бўлганлар ИИБдан маълумотнома олишлари шарт

O‘zbekiston

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси қарор қабул қилди, унга кўра, чегара ҳудудида 5 кундан ортиқ бўлган фуқаролар ички ишлар органларидан маълумотнома олишлари керак бўлади.

Ўзбекистоннинг Афғонистон билан чегараси | Фото: Ситуацион / Wikimedia Commons

Вазирлар Маҳкамаси «Ўзбекистон Республикасининг давлат чегараси соҳасидаги айрим меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорни қабул қилди.

Ушбу ҳужжат билан Давлат чегараси режими тўғрисидаги низом тасдиқланди. У чегарани жиҳозлаш қоидаларини, уни одамлар ва транспорт воситалари томонидан кесиб ўтиш, товарларни олиб ўтиш, чегарада ва чегара минтақасида хўжалик ва бошқа фаолиятни амалга ошириш, шунингдек чегара низоларини ҳал этиш тартибини белгилайди. Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида чегара режими тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланди.

Хусусан, чегара зонасида доимий яшовчи шахслар рўйхатдан ўтмасдан ҳаракатланишлари мумкинлиги белгиланди. Чегара зонасида доимий яшамайдиган, лекин у ерда беш кундан ортиқ бўлганлар ички ишлар органларида рўйхатдан ўтишлари шарт. Бунинг учун профилактика инспекторига ёки маҳалла раисига мурожаат қилиш лозим. Рўйхатдан ўтиш муддати бир ой.

Чегара зонасига хизмат сафарига юборилганлар шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва хизмат сафари ҳужжатларини ўзлари билан олиб юришлари шарт.

Чегара зонасидаги санаторийлар, дам олиш уйлари, панционатлар, туристик базалар ва бошқа даволаш-соғломлаштириш муассасаларига ташриф буюрувчилар муассасалардан йўлланма ёки маълумотномага эга бўлишлари керак.

Болалар чегара зонасидаги болалар оромгоҳларида йўлланма асосида бўлишлари мумкин. Ота-оналар шахсини тасдиқловчи ҳужжат асосида беш кун давомида ушбу ҳудудларга ташриф буюришлари мумкин.

Mavzuga oid materiallar