Аббосбек Файзуллаев Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси деб топилди

O‘zbekiston

Москванинг ЦСКА клуби ва Ўзбекистон терма жамоаси футболчиси Аббосбек Файзуллаев 2023/2024 йилги мавсумда Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси деб эътироф этилди. У 2015 йилда Достонбек Ҳамдамовдан сўнг ушбу мукофотга сазовор бўлган иккинчи ўзбекистонлик бўлди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар / ЦСКА ФК

Ўзбекистон миллий жамоаси ва ЦСКА футболчиси Аббосбек Файзуллаев Осиё Футбол Конфедерацияси (ОФК) томонидан 29 октябрь куни Сеулда ўтказилган тақдирлаш маросимида 2023/2024 йилги мавсумнинг Осиёдаги энг яхши ёш футболчиси деб эълон қилинди.

21 ёшли футболчи 2023/24 йилги сермазмун мавсумда ўз истеъдодини намоён этиб, 2015 йилда Достонбек Ҳамдамовдан кейин ушбу мукофотга сазовор бўлган иккинчи ўзбекистонлик вакил бўлди. Бу ҳақда ОФК расмий сайти хабар берди.

Файзуллаевдан ташқари, 18 ёшли япониялик Гаку Навата ва 21 ёшли жанубий кореялик Пэ Чунхо ҳам мукофот учун даъвогарлик қилишди.

Файзуллаев U-23 Осиё кубогининг ярим финалида ғалаба қозонган ва Ўзбекистон тарихида илк бор Париж Олимпиадасига йўлланма олган жамоанинг аъзоси эди.

«Пахтакор» академияси тарбияланувчиси 18 ёшида U-23 ёшлар терма жамоасида дебют қилган. 2023 йилда Ўзбекистонда бўлиб ўтган U-20 Осиё кубогида «энг қимматли ўйинчи» мукофотини қўлга киритганидан сўнг у Аргентинада бўлиб ўтган U-20 Жаҳон чемпионатининг барча тўртта учрашувида майдон эгаси бўлди.

Файзуллаев миллий жамоада 2023 йилнинг июнь ойида дебют қилди ва тез орада асосий таркибдан мустаҳкам жой олди. Ярим ҳимояда ҳар қандай позицияда ўйнай олиш қобилияти туфайли у Осиё кубогида ўзининг ёрқин маҳоратини намойиш этди ва иккита гол урди.

2023 йил август ойида ярим ҳимоячи Москва ЦСКА клуби билан шартнома имзолади ва дебют мавсумида 5 та гол уриб, 14 та голли узатма берди.

Жанубий Корея терма жамоаси ва Англиянинг «Тоттенхем» клуби ҳужумчиси Сон Хын Мин Осиёда йилнинг энг яхши футболчиси, австралиялик аёл футболчи Элли Карпентер эса йилнинг энг яхши аёл футболчиси деб топилди.

Mavzuga oid materiallar