Яна икки ўзбек компанияси АҚШ санкцияларига учради

O‘zbekiston

Ўзбекистоннинг икки компанияси — Uzstanex ва The Elite Investment Group АҚШ санкцияларига учради. Молия вазирлиги ушбу компанияларни Россияга «юқори устувор» товарлар етказиб берилиши кузатилгани сабабли рўйхатга киритди.

Фото: Global Look Press

АҚШ Молия вазирлиги ҳузуридаги Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) 275 та жисмоний ва юридик шахсни санкция рўйхатига киритди, улар орасида Ўзбекистоннинг иккита компанияси — Uzstanex ва The Elite Investment Group бор.

Америка томони маълумотларига кўра, уларнинг фаолияти Россия мудофаа мажмуаси билан боғлиқ.

Ўзбекистон Статистика агентлиги маълумотларига кўра, Uzstanex 2018 йилда рўйхатдан ўтган ва механик дастгоҳлар савдоси билан шуғулланади. Компаниянинг таъсисчиси Василий Абрамов бўлиб, устав капитали 65 миллион сўмни ташкил этади.

The Elite Investment Group 2024 йил январь ойида ташкил этилган бўлиб, улгуржи савдога ихтисослашган. Таъсисчи ва директор Нодира Казакбаева бўлиб, устав фонди 3 миллион сўмни ташкил этади.

АҚШ Давлат департаменти маълумотларига кўра, 2024 йилнинг март-май ойлари оралиғида The Elite Investment Group Россияга юқори устуворликдаги товарларнинг умумий рўйхатига (CHPL) киритилган 190 минг долларга яқин маҳсулот етказиб берган. Етказиб бериш электр трансформаторларини ўз ичига олган, Туркиянинг Guclu Global компанияси эса агент-ташувчи вазифасини бажарган.

Ўзбек компанияларидан ташқари, санкциялар рўйхатига 20 нафар россиялик, икки нафар Хитой фуқароси, тўрт нафар Туркия фуқароси, шунингдек, Ҳиндистон, Швейцария, Греция ва Чили фуқаролари киритилган.

АҚШ молия вазири ўринбосари Уолли Адеемо АҚШ ва унинг иттифоқчилари Россия томонидан ҳарбий ҳаракатларда фойдаланиладиган технологияларни етказиб беришни чеклаш бўйича қатъий чоралар кўришни давом эттириш ниятида эканини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистоннинг яна бир компанияси — Mvizion АҚШ санкцияларига учраган эди. Саноат ва хавфсизлик бюроси маълумотларига кўра, компания «АҚШ миллий хавфсизлиги ва ташқи сиёсатига зид бўлган» фаолият билан шуғулланган, яъни «Россия армияси учун учувчисиз учиш аппаратларини сотиб олиш ва яратиш ишларини олиб борган».

Бундан ташқари, аввалроқ АҚШ Ўзбекистоннинг уч фуқаросига ИШИД билан алоқаси учун санкциялар киритган эди.

Mavzuga oid materiallar