2025 йил Ўзбекистонда Атроф-муҳитни асраш ва «яшил» иқтисодиёт йили деб эълон қилинди

O‘zbekiston

Президент Шавкат Мирзиёев иқлим ўзгаришининг ифлосланиш, чўлланиш ва глобал исиш каби оқибатларига қарши курашиш муҳимлигини таъкидлади. Мамлакатда «Яшил макон» лойиҳаси ва Минтақавий иқлим стратегияси каби экологик ташаббуслар амалга оширилмоқда. 2025 йилда иқтисодий ўсишнинг ҳаракатлантирувчи кучи сифатида «яшил» энергетикани ривожлантиришга эътибор қаратилади.

2025 йилда Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва «яшил» иқтисодиётни ривожлантиришга алоҳида эътибор берилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги нутқида маълум қилди. У иқлим ўзгариши оқибатлари Ўзбекистон учун ҳам, бутун дунё учун ҳам тобора сезиларли бўлиб бораётганини таъкидлади.

Президент ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, тупроқ эрозияси, чўлланиш ва қазилма бойликлардан нооқилона фойдаланиш глобал исишга, табиий офатлар сонининг кўпайишига, экология ва инсон саломатлигига зарар етказаётганини қайд этди.

Ушбу таҳдидларга қарши курашиш учун мамлакатимизда уч йилдан буён «Яшил макон» ташаббуси ва қўшни давлатлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган Минтақавий иқлим стратегияси амалга оширилмоқда. Шунингдек, Тошкентда иқлим ўзгариши масалаларини ўрганиш билан шуғулланувчи Марказий Осиё университети ҳам ташкил этилди.

Ўзбекистон БМТ доирасида иккита резолюцияни таклиф этиб, халқаро майдонда экологик ташаббусларни фаол илгари сурмоқда. Шу билан бирга, «яшил» энергетика мамлакат иқтисодий ривожланишининг асосий йўналишига айланмоқда.

Фуқароларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда, президент бу ишларни янада фаоллаштиришга чақирди ва 2025 йилни «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва »яшил« иқтисодиёт йили» деб эълон қилди. Ушбу ташаббус парламент томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йил Ўзбекистонда ёшлар ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга бағишланган эди.

Mavzuga oid materiallar