Тошкентлик «Ҳайзенберг»: Пойтахтдаги уйлардан бирида эркаклар мефедрон тайёрлагани аниқланди

O‘zbekiston

Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги уйлардан бирида ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан 400 килограммга яқин синтетик гиёҳвандлик воситалари ишлаб чиқариш учун хомашё ва 900 минг долларлик 26 килограмм мефедрон топилди.

Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, Шайхонтохур туманидаги уйлардан бирида 1986 ва 1988 йилларда туғилган икки нафар олий маълумотли фуқаро логистика ниқоби остида синтетик гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш билан шуғулланган.

Текширув давомида 56 ўрамда 26 килограммга яқин мефедрон гиёҳвандлик моддаси, дори воситаларини тайёрлашда фойдаланилган 400 килограммдан ортиқ суюқ ва кукунли кимёвий моддалар, шунингдек, хомашё ва зарур жиҳозлар топилган.

Текширув давомида гиёҳвандлик воситаларини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган асбоб-ускуналар, хомашё ва прекурсорлар хориждан олиб келингани, тайёр гиёҳванд моддаларни сотиш ижтимоий тармоқлар орқали амалга оширилгани маълум бўлди.

Тадбир давомида олинган дорилар тахминан 80 000 доза бўлиб, уларнинг қора бозордаги нархи тахминан 900 минг долларни ташкил этди.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 246-модда (Контрабанда) ва 273-модда (Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда ДХХ Тергов бошқармаси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Mavzuga oid materiallar

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.