Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.
Маълумотларга кўра, 10 январь куни соат 16:20 да Бухоро давлат университети ётоқхонаси яқинида ўз машинасида ўтирган 32 ёшли фуқаро Х.М. қуролни олиб, ўйнай бошлаган, шундан сўнг у беихтиёр тепкини босиб, ўзининг кўкрак қисмига ўқ узган.
Жабрланувчи машинадан тушиб, ётоқхонанинг биринчи қаватида жойлашган тез тиббий ёрдам пунктига етиб борган. Аммо шифокорлар томонидан кўрсатилган биринчи ёрдамга қарамай, у кучли қон кетишидан вафот этган.
Қайд этилишича, айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Бухоро шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилиб, суд-тиббий экспертиза тайинланган. Ҳуқуқ-тартибот идорасининг қўшимча қилишича, вафот этган фуқаронинг пневматик қурол олиб юриши қонунийлиги масаласи ўрганилмоқда.
