Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабарига кўра, яқинда Тошкент халқаро аэропортида Деҳлидан учиб келган йўловчининг пальтоси чўнтагидан 281 карат хажмдаги олмос қимматбаҳо тошлари топилган.
Тошкент халқаро аэропорти чегара-божхона пости ходимлари томонидан фош қилинган мазкур ҳолатда йўловчи божхона назоратига тақдим этмаган олмосларнинг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 873 млн сўмдан ошмоқда.
Ҳиндистондан учиб келган яна бир йўловчининг багажини кўздан кечириш давомида ушбу хорижий фуқаро ҳам 57 дона турли ўлчамдаги олмос тошларини яширинча олиб киришга урингани фош бўлди.
Божхона назоратига тақдим қилинмаган қимматбаҳо тошларнинг қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 942 млн сўмдан ошмоқда.
Маълум бўлишича, божхоначилар 2023 йилда аниқланган 394 та божхона қонунбузилиши ҳолатларида 32,4 млрд сўмлик 163 кг заргарлик буюмлари, шу жумладан қимматбаҳо тошларнинг божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтилишининг олдини олган.
Ҳиндистондан Тошкентга млрд сўмлик олмосларни олиб киришга уринганлар тўхтатиб қолинди
Тошкент аэропортида оғирлиги 281 карат бўлган олмосларни ноқонуний олиб киришга уринган шахслар ушлаб қолинди.