13 январь, шанба куни эрталаб Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҲҲКнинг ҳарбий-транспорт самолёти Россиянинг Пенза вилоятида содир бўлган авария оқибатида ҳалок бўлган саккиз кишининг жасадини Урганчга етказди. Ҳалок бўлганларнинг барчаси Хоразм вилоятидан бўлган.
Аввалроқ президент томонидан ҳалок бўлган 7 киши ва жароҳатланган 2 кишини ватанга қайтариш бўйича топшириқ берилгани хабар қилинганди. Кейинчалик жабрланганлардан бири жонлантириш бўлимида вафот этган.
Ўзбекистон ФВВнинг хабар беришича, бир нафар ярадор фуқаро ҳозирда Пенза шаҳридаги касалхонада қолмоқда ва у даволаниш муолажалари тугагандан кейин ватанга қайтарилади.
Ҳодиса 11 январга ўтар кечаси Пенза вилоятининг Нижнеломовский туманида содир бўлган. Тўққиз нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган Volvo юк машинаси ва JAC микроавтобуси тўқнашиб кетган. Микроавтобусдаги етти киши, жумладан, ҳайдовчи воқеа жойида ҳалок бўлган.
Россиядаги ЙТҲда ҳалок бўлганлар Ўзбекистонга олиб келинди
Россиянинг Пенза вилоятида содир бўлган бахтсиз ҳодисада ҳалок бўлган саккиз нафар фуқаронинг жасади Хоразмга олиб келинди.