Очилишда нутқ сўзлаган Гретел Агилар Green Universityʼнинг минтақадаги экологик муаммоларни ҳал қилишдаги ўрни алоҳида эканлигини таъкидлади.
«Ўзбекистон ҳукуматини экологик етакчилик ва таълимни ривожлантиришга хизмат қиладиган йирик минтақавий ташаббус — Central Asian Green University очилиши билан табриклаймиз. Ушбу университет биологик хилма-хилликнинг йўқолиши, иқлим ўзгариши ва ифлосланишнинг уч карра сайёравий инқирозини ҳал қилишда ёрдам беради. Экологик таълим орқали университет бой табиатга эга минтақани асрашга хизмат қилади», — деди у.
Тадбир давомида меҳмонлар университетда яратилган қулай шарт-шароитлар билан танишишди. Бу ерда талабаларнинг билим олиши учун сўнгги технологиялар билан жиҳозланган хоналар, кенг кутубхона, дарсдан ташқари вақтда шуғулланиш учун спорт зали ва бошқа қулайликлар яратилган.
Green University Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31 майдаги «Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш ва ваколатли давлат органи фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида ташкил этилган. Мақсад маҳаллий, минтақавий ва глобал экологик муаммоларни самарали бошқариш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илмий ва интеллектуал салоҳиятни амалга оширишда инновацион ғоялар, амалиёт ва технологияларни жорий этишдир.
Университет давлат олий таълим муассасаси бўлиб, «Hub and Spoke» тамойили асосида фаолият олиб боради. Ушбу модель стратегик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка, яхлит ўқув тизимини яратишга, ресурсларни оптималлаштиришга, талабалар ва мутахассисларнинг ҳаракатчанлигига асосланади, шунингдек, маҳаллий мутахассислар салоҳиятини ошириш, билим ва тажриба алмашишга ёрдам беради.
Ҳозирги кунда ҳамкорлик учун университетга Буюк Британия, Янги Зеландия, АҚШ ва бошқа давлатлар халқаро университетларининг турли профессорларини фаол жалб этмоқда.