«Мазутнинг пойтахт ҳавосининг ифлосланишига ҳеч қандай алоқаси йўқ» — Энергетика вазирлиги

O‘zbekiston

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги иссиқлик станцияларида мазутдан фойдаланиш ва Тошкент ҳавосининг ифлосланиши ўртасидаги боғлиқликни рад этди. ИЭСда фильтрлар ўрнатилгани ҳисоботда томонидан қайд этилган.

Энергетика вазирлигининг маълум қилишича, Тошкент вилояти ҳамда пойтахт ҳудудида «Иссиқлик электр станциялари» АЖга қарашли 11 та иссиқлик электр станцияси ва иссиқлик марказлари мавжуд бўлиб, шундан 6 тасида (Тошкент вилоятида жойлашган «Тошкент ИЭС», Тошкент шаҳрида жойлашган 3–5, 9–10 иссиқлик марказлари) чиндан ҳам куннинг тиғиз вақтларида, табиий газ таъминотида босим пасайган пайтда аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини электр ҳамда иссиқлик энергияси билан барқарор таъминлаш мақсадида захира ёқилғиси сифатида мазутдан фойдаланилади.

Мазут ёқилғисининг ишлатилиши жараёни эса қонунчиликда белгиланган тарзда барча масъул идоралар, хусусан, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳам келишилган тартибда йўлга қўйилган, дея хабар беради Энергетика вазирлиги.
«Станцияда мазут ёқилиши натижасида атмосферага зарарли моддаларнинг чиқишини камайтириш мақсадида белгиланган техник параметрларга мос келувчи фильтрлар ўрнатилган. Келгусида барча иссиқлик электр станцияларига ёқилғидан чиқаётган зарарли моддаларни 95 фоизгача камайтириб берадиган қўшимча фильтрларни ўрнатиш кўзда тутилган», — дейилади хабарда.

Шу билан бирга, атроф-муҳитни асраш масаласи эса барчанинг, жумладан, Энергетика вазирлиги тизим ташкилотлари, иссиқлик электр станциялари олдида турган муҳим вазифа ҳисобланади. Бу борада сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик томонидан билдирилаётган эътирозлар ҳамда ташвишлар бизни ҳам ўз ишимизга янада масъулият билан муносабатда бўлишга даъват қилади.

Вазирликнинг қайд этишича, 2 февраль куни Экология вазирлигининг Тошкент ИЭС ҳақидаги баёноти эълон қилинганида, иссиқлик электр станциялари ва иссиқлик электр станцияларида мазутнинг максимал сарфланиши кунига 5017 тоннани ташкил қилган. Ўша куни Тошкент ҳавосидаги майда PM2,5 заррачаларининг миқдори 35,1 мкг/м3 ни ташкил этиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларидан (5 мкг/м3) 7 баробар ошиб кетган.

13 февраль куни соат 16:00 га қадар юқорида қайд этилган корхоналар томонидан 600 тонна мазут ёқилган. Аммо шунга қарамай бугун соат 14:10 ҳолатига кўра, пойтахт ҳавосидаги PM-2,5 майда дисперсли заррачалар миқдори 162 мкг/м3ни ташкил этган. Бу «ўта зарарли» ҳисобланади ва ЖССТ тавсияларидан 32,4 марта кўпроқ.

Вазирликнинг аниқлик киритишича, «мазутнинг пойтахт ҳавосининг ифлосланишига ҳеч қандай алоқаси йўқ ва бу ёқилғи иссиқлик электр станцияларида Экология вазирлиги билан келишилган меъёрий талаблар асосида ёқилади».
«Атроф-муҳитни асраш масаласи эса барчамизнинг, жумладан, Энергетика вазирлиги тизим ташкилотлари, иссиқлик электр станциялари олдида турган муҳим вазифа ҳисобланади. Бу борада сўнгги пайтларда оммавий ахборот воситалари ва кенг жамоатчилик томонидан билдирилаётган эътирозлар ҳамда ташвишлар бизни ҳам ўз ишимизга янада масъулият билан муносабатда бўлишга даъват қилади. Шунинг учун биргина «Тошкент ИЭС»да ҳавога ташланаётган моддалар зарарини камайтириш, экологик мувозанатни сақлаш мақсадида 2023 йил давомида 10 мингдан ортиқ дарахт кўчатлари экилди. Ва бу каби ишлар бугун барча ёқилғи-энергетика корхоналари томонидан изчил олиб борилмоқда», — дейилади вазирлик хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент иссиқлик электр станциясида (ИЭС) январь ойида ўтказилган текшириш натижаларига кўра, ҳаво ва тупроққа зарарли чиқиндилар миқдори 1 миллиард сўм миқдорида белгиланган эди. Иссиқлик электр станцияси асосий ёқилғи сифатида газдан фойдаланади, лекин баъзида мазут ёқади, деб хабар қилган Экология вазирлиги. Бундан ташқари, эмиссияни тозалаш тизими мавжуд эмаслиги аниқланган.

Mavzuga oid materiallar

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.