Тўрт вилоятда бола савдоси билан шуғулланган аёллар қўлга олинди

Ўзбекистон

Тошкент шаҳри, шунингдек, Наманган, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида фарзандини сотмоқчи бўлган аёллар ушланди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва вилоят ички ишлар бошқармаси билан ҳамкорликда Гулистон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, 1991 йилда Бухоро вилоятида туғилган, Гулистон шаҳрида вақтинча яшовчи аёл жорий йилнинг 30 январь куни туғилган ўғил фарзандини $40 минг сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Сурхондарё вилоятида кузатилган ҳолатда эса Термиз туманида яшовчи, 1993 йилда туғилган аёл жорий йилнинг 25 январь куни туғилган қиз фарзандини ўзининг жиноий шериги бўлган, 1982 йилда туғилган аёл билан тил бириктириб, Термиз шаҳрида 25 млн сўмга сотган вақтларида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ички ишлар органлари ходимлари томонидан ушланди.

Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Чирчиқ шаҳрида яшовчи, 1997 йилда туғилган аёл ўзининг 2018 йилда туғилган ўғлини Тошкент шаҳрида 3 минг АҚШ долларига сотган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Шунингдек, Наманган шаҳрида яшовчи, 1995 йилда туғилган аёл ўзининг 2014 йилда туғилган ўғлини 18 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, талаб қилинган пулдан 4 минг АҚШ долларини олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда ички ишлар органлари ходимлари томонидан ушланди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 135-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид материаллар