Жиззахда ИИБ Вақтинча сақлаш ҳибсхонаси бошлиғи пора олаётган вақтда қўлга олинди

O‘zbekiston

Жиззахда ДХХ ходимлари озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланишида ёрдам бериш учун $10 минг талаб қилган ИИБ Вақтинча сақлаш ҳибсхонаси раҳбари қўлга олди.

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари пора олаётганликда гумонланиб, ички ишлар бўлими қошидаги вақтинчалик сақлаш ҳибсхонаси раҳбарини қўлга олди, деб хабар қилди ДХХ матбуот хизмати.

Аниқланишича, Шароф Рашидов тумани Ички ишлар бўлими Вақтинча сақлаш ҳибсхонаси бошлиғи ҳозирда айблов эълон қилиниб, мазкур ҳибсхонада сақланаётган шахсга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқаётган судья томонидан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланишида ёрдам бериш эвазига $10 минг талаб қилган.

Ўтказилган тезкор тадбирда, у сўралган пул маблағидан $5 минг олган вақтида ушланди.

Шунингдек, терговга қадар текширув давомида, мазкур мансабдор шахс муқаддам ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, ҳибсхонада сақланаётган ушбу фуқаронинг оила-аъзолари билан учрашиши ҳамда уйидан олиб келинган озиқ-овқат маҳсулотларининг киритилиши учун рухсат бериш эвазига $400 олгани маълум бўлди.

Ҳозирда қўлга олинган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Mavzuga oid materiallar

Muhim yangiliklarni oʻtkazib yubormang!

Asosiy voqealardan birinchi boʻlib xabar topish uchun Telegram kanalimizga obuna boʻling.