Ноёб қурилма яратувчилари Сурхондарё вилоятида яшовчи ака-ука Машҳурбек ва Абдумалик Қаршиевлар ҳамда уларнинг синглиси Муҳаррамлар ҳисобланади. Қурилманинг ўзи кўришда нуқсони бўлган одамлар учун оддий таёққа уланади ва уни инновацион «ақлли таёқ»қа айлантиради.
Ўз маҳалласида кўзи ожиз одамларга ёрдам беришни истаб, термизлик бу ёш инноваторлар бирлашиб, UPSHIFT деб номланган ёшлар ижтимоий инновациялари ва ижтимоий тадбиркорлик дастури доирасида жамоа тузди.
Механизм овозли ёрдамчи, акселерометр ва компасни ўз ичига олади, унинг функциялари доимий равишда янгиланади.
«Биз электрон ақлли таёқ учун турли датчиклардан, жумладан тўсиқларни аниқлаш учун ультратовушли қурилмалардан фойдаландик», — деб тушунтирди Абдумалик.
Қайд этилишича, Смарт Cане ультратовушли масофа ўлчагич технологиясидан фойдаланади ва 1-2 метр масофадаги тўсиқларни аниқлаб, фойдаланувчини тебраниш ва товуш билан огоҳлантиради.
ГПС функцияси одамнинг жойлашувини аниқлайди ва агар фойдаланувчи йўқолиб қолса, ақлли таёқни масофадан кузатишга ёрдам беради. Ундаги рефлекторлар ҳайдовчиларга йўлни ногирон киши кесиб ўтаётганини билдиради.
«Ҳамма тенг муомалага лойиқ. Дискриминация — бу одамлар яратадиган нарса. Келинг, жамиятимизда ва ундан ташқарида ҳаммага адолатли муносабатда бўлишини таъминлаш учун биргаликда ҳаракат қилайлик», — дейди Муҳаррам.
Ақлли таёқ кўришда нуқсони бўлган одамлар ҳаётидаги инқилобни ифодалайди, уларга эркин ҳаракатланиш, ўзига бўлган ишончни ошириш ҳамда ижтимоий ва иқтисодий фаолликни ошириш имконини беради.