Шавкат Мирзиёев 18-19 апрель кунлари давлат ташрифи билан Тожикистонда бўлади.
Шавкат Мирзиёев Душанбе шаҳрида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон билан музокаралар ўтказади, шунингдек, қатор икки томонлама учрашувлар ўтказади, қўшма тадбирларда иштирок этади.
«Кун тартибидан Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари ўрин олган», — дейилади хабарда.
Савдо, саноат, қишлоқ хўжалиги, энергетика, транспорт ва бошқа тармоқларда кооперация лойиҳаларини илгари суришга алоҳида эътибор қаратилади, ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни, маданий-гуманитар ва туризм алмашинувларини кенгайтириш масалалари кўриб чиқилади.
Ўзбекистон ва Тожикистон етакчилари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашади.