Тошкентда маст эркак профилактика инспекторига тан жароҳати етказди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот хизмати.
Бошқарма маълумотларига кўра, 14 апрель куни Янгиҳаёт тумани ИИБ ХПБ профилактика инспекторлари бир хонадонда жанжал бўлаётганлиги ҳақидаги хабарга аниқлик киритиш мақсадида етиб келган.
Хонадон эгаси маст ҳолда хизмат вазифасини бажараётган ички ишлар ходимларига қаршилик кўрсатиб, профилактика инспекторларининг бирига кўкрак қафасига ошхона пичоғи билан бир маротаба уриб, тан жароҳати етказган.
Тан жароҳати олган профилактика инспектори шифохонага олиб борилган ва унга тиббий ёрдам кўрсатилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 105 (Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) ва 219 (Ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.