Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун билан Жиноят кодексига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган қўшимчалар 2024 йил 20 апрелдан эътиборан кучга киришини эслатиб ўтди.
Хусусан, крипто-активларнинг ноқонуний айланмаси ва ноқонуний майнинг фаолияти учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари кучга киради.
Агентлик фуқароларни жавобгарликка тортилмаслик учун крипто-активлар билан боғлиқ операцияларни қонунчиликда белгиланган тартибда крипто-активлар айланмаси соҳасида хизмат кўрсатувчи миллий провайдерлар орқали амалга оширишга, шунингдек, майнинг фаолиятини амалдаги қонунчилик доирасида амалга оширишга чақирди.
Бундан ташқари, агентлик крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчилик бузилишининг барча фактлари тўғрисидаги маълумотларни айбдор шахсларни белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш учун дарҳол ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ўтказишини маълум қилди.
Агентлик крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликка қатъий риоя қилишни тавсия қилди.