Мазкур ҳолат юзасидан Савдо-саноат палатасининг Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Мерей Омонбоевага нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Взгляд.уз»га маълум қилди.
Жумладан, у Навоий шаҳар ҳокими орқали ер участкаси олиб беришни ваъда қилиб, тадбиркор-қурувчидан катта миқдорда пул олган.
Бош прокуратура хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан 168 (Фирибгарлик) ва 28 211 (Пора олиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда Навоий вилояти прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бироқ Омонбоева фаолиятини давом эттирмоқда. 18 апрель куни у Навбаҳор туманида жойлашган корхоналардан бирида бўлиб, унинг фаолияти билан танишди.
Савдо-саноат палатасининг маълум қилишича, шу кунгача бошқармага ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан М.Омонбоевани ишдан бўшатиш тўғрисида ариза келиб тушмаган.
Эслатиб ўтамиз, 27 ёшли Мерей Омонбоева 2020 йилда Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирланган эди. 2024 йил 6 мартда Савдо-саноат палатасининг Навоий вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган. Бу лавозимга тайинлангунга қадар у Навоий шаҳридаги «Зарафшон» МФЙда ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишлаган.