Россиянинг «АвтоВАЗ» автомобилсозлик компанияси жорий йилда Ўзбекистон бозорига қайтиш стратегияси устида ишламоқда. Бу ҳақда компаниянинг экспорт директори Илья Савинов 22 апрель куни «ИННОПРОМ. Марказий Осиё» саноат кўргазмасида Spot нашрига берган интервьюсида маълум қилди.
«Ҳозир биз Ўзбекистон бозорига кириш — Ўзбекистонга қайтиш стратегияси устида ишлаяпмиз. Бугунги кунда Лада брендини ифодаловчи ҳамкорлар билан музокаралар олиб борилмоқда — булар дистрибюторлар ва импортёрлар. Биз ҳамкорликни давом эттирадиган шерикларни излаяпмиз. Ҳозир, музокаралар чоғида, афсуски, биз ҳали тафсилотларни ошкор қилишга тайёр эмасмиз», — деди Савинов.
Шунингдек, у Россия компанияси автомобиль ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни режалаштираётганини ва «АвтоВАЗ» вакили номини айтишдан бош тортган маҳаллий ҳамкорлар билан ушбу мавзу бўйича музокаралар олиб бораётганини таъкидлади.
Савиновнинг сўзларига кўра, автомобиль ишлаб чиқарувчининг яқин режалари маҳаллий бозорга Lada Niva Legend, Granta, Vesta SW Cross ва Largus автомобиль моделларини тақдим этишдан иборат.