Тошкент шаҳри Яккасарой тумани ҳокимлиги адвокати Нодир Акбаров мактабдаги бассейнда вафот этди, деб ёзади Kun.uz манбаларига таяниб.
Нашрнинг ёзишича, ҳокимлик ходимлари учун 18 апрел куни зиёфат тадбири ўтказилган. Унда спиртли ичимликлар истеъмол қилинган бўлиши мумкин. Тадбир якунлангач, ҳокимнинг икки ўринбосари ҳамда юристи маишатни тумандаги 160-сонли болалар ва ўсмирлар мактабига тегишли бассейнда давом эттиришган. Бассейнда чўмилиш чоғида ҳокимлик юрисконсултининг соғлиги ёмонлашиб, вафот этган.
Прокуратура маълумотларига кўра, марҳумнинг ўлими сабабларини аниқлаш учун суд-тиббий экспертиза тайинланган. Ҳозирда прокуратура вазиятни текширмоқда.
2024 йил 22 апрелда Яккасарой тумани ҳокими Нилуфар Аллабергенованинг қарори билан Нодир Акбаров вафоти муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.
Таъкидлаш керак, ҳокимлик ходимлари ўқув кунида мактаб ҳудудидаги бассейнда дам олган. Мактаб бассейнида маъмуриятнинг ёши катта ходимлари нега чўмилгани ҳануз сирлигича қолмоқда. Бундан ташқари, OLX эълон сайтида ҳам айнан шу ҳовуз ижарага берилиши ҳақида мақола мавжуд.