Сирдарёда бир оиладан уч нафар шахснинг куйган жасади қотиллик белгилари билан топилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати «Взгляд.uz»га маълум қилди.
Маълумотларга кўра, жасадлар 27 апрель куни тахминан соат 02:55 да Сирдарё туманидаги уйлардан бирида ёнғин содир бўлганидан кейин топилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳозирда бир аёл, бир ўғил ва бир қизнинг шахси аниқланмоқда;
«Прокуратура ва ички ишлар органларининг малакали ва тажрибали ходимларидан тузилган тезкор-тергов гуруҳи томонидан гумонланувчи қўлга олинди», — дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «а, г» бандлари (ўта шафқатсизлик билан икки ёки ундан ортиқ шахсни қасддан ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, ҳодиса сабаблари аниқланмоқда.